Ҳозирги Жаббор Расулов туманининг Ғўлакандоз қишлоғида туғилиб-ўсган Абдурауф Олимов фақат Тожикистонда эмас, қўшни мамлакатларда ҳам истеъдодли санъаткор сифатида танилган, эътироф этилган.
Абдурауф Олимов 1980 йилда ҳозирги Хўжанд Давлат дорулфунунининг бадиий графика ва рассомлик куллиётини тугаллагач, бир йил ўз қишлоғидаги мактабда ишлади. 1982 йилда Ўзбекистон Давлат филармониясига ишга кирди ва у ерда яккахон хонанда сифатида 1985 йилгача фаолият юритди.
Тошкентдаги ижодий фаолияти борасида гап кетар экан, Абдурауф болалик давридаёқ мусиқаларига кўнгил қўйган ажойиб бастакор Муҳаммаджон Мирзаев билан учрашиб, ундан мусиқий сабоқ олгани учун тақдирдан мамнунлигини билдиради. Абдурауф Муҳаммаджон Мирзаев ва бу кишининг ўғли Шавкат Мирзаев яратган куйларга шеър танлаб, қўшиқ айтиш билан бирга, аста-секин ўзи мустақил куйлар ярата бошлади.
Саксонинчи йилларда Абдурауфнинг “Бу турфа гуллар айтинг муҳаббат боғи-данму…” деган ашуласи ўзбек ёшларининг севимли оммавий қўшиғига айланди. Кенг давраларда йигит-қизлар “Олмоснинг тоғиданму”, дея биргалашиб куйлашар, консерт-ларда “муҳаббат боғиданму”, дея Абдурауфга эргашар эдилар.
Сирдарёлик шоир Тўра Сулаймон шеъри билан айтилган “Гул бир ён, чаман бир ён” қўшиғи Абдурауфнинг кўнгил тўридан яралган ашулаларидан бири бўлиб қолди. Бу қўшиқ кимларнидир чаман қўйнига бошлади, кимларнидир ёруғ дунё ҳақидаги ўйларга чўмдирди, кимларнидир оғир дард чангалидан халос этди. Шоир Тўра Сулаймон ўзининг “Гул бир ён, чаман бир ён” шеърий тўпламига сўзбошисида шундай ёзади: “Абдурауф Олимовдан ҳам миннатдорман. “Гул бир ён, чаман бир ён” тилга тушган, қайга борсам таниш-билишлар салом-аликдан олдин “Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён” деб кўнглимни тоғдек кўтаришади.”
Абдурауф Муҳаммаджон Мирзаев билан бирга Шерали Жўраев ва Жўрабек Набиевни ўзига устоз ҳисоблайди.
Абдурауф 1985 йилдаТожикистонга қайтиб, Хўжанддаги Камол Хўжандий номли (ўша пайтда Ленинободдаги Пушкин номли) республика мусиқий комедия театрида ишлай бошлади. Жўрабек Набиев, Ўринбек Ҳамдамов, Бобожон Шамсиев, Даврон Алиматов, Аҳмаджон Очилбоев каби истеъдодли ҳофизлар ишлаётган бу санъат даргоҳида Абдурауф ўз ўрнини топди. Худди Тошкентдаги каби Тожикистонда ҳам ёшларнинг севимли хонандасига айланди. Қўшиқлар гулдастаси эса янги-янги асарлар билан бойиб борди.
Тошкент радиосининг олтин жамғармасидан Абдурауф Олимовнинг 15 та қўшиғи жой олган. Абдурауф Олимов икки ўғил ва бир қизнинг отаси, беш неваранинг бобоси. Ҳофиз-нинг укаси Рустам, ўғли Бобур ва энди олти ёшга кирган невараси Алимардон қўшиқ айтишади.
Лекин ҳаёт ҳар доим инсон истагига кўра кечавермайди. Тўқсонинчи йиллар охир-ларида Абдурауфнинг мухлислари севимли санъаткорларининг тўсатдан жимиб кетгани-дан хавотирга тушишди. Ҳофиз на тўйларда, на бирон консертда кўринмасди. Ҳар бир янги қўшиғи мухлислари орасида суҳбат мавзуига айланадиган, севиб эшитиладиган ҳофизнинг янги нарса ижод қилмаётгани ҳам кўпларни ўйлантирарди.
Гарчи тақдир тоши Абдурауфга қаттиқ урилган бўлса-да, унга урилаётиб аяди ҳам. Абдурауф 40 ёшини нишонланишига бир неча кун қолганда – 1997 йилнинг ноябр ойида автомобил ҳалокатига учради.
“Мен ҳали албатта янги қўшиқлар яратаман!” Абдурауф бу сўзларни алланечук бир ишонч билан айтади. Соғлиги тикланган Абдурауф икки йилдан буён қайта ижод қилаётир. Янги қўшиқлар албомини тайёрлади.
Ҳозирда Туркиянинг Ўзбекистон билан қўшма «Ширибом» фирмаси» Абдурауф-нинг янги қўшиқлар албомини тайёрламоқда.
Абдурауф ҳозирги ижодий изланишлари ҳақида гап кетар экан, Гулистонда яшаб-ижод этаётган шоир Ҳасан Абдувоҳидов қаламига мансуб «Бағрингга қайтдим қадрдон саҳна» қўшиғи тайёр бўлиб қолганлигини айтади. Абдурауфнинг айтишича, шоир бу шеърни унинг кейинги қўшиқларини эшитгач ёзган экан.
Абдурауф Олимов: Ҳақиқатдан ҳам соғлигим қайта тикланди. Бундан ўзим ҳам, оила аъзоларим ҳам, дўстларим ҳам хурсанд. Яна уйимизда байрам, десак ҳам бўлаверади. Мен ёзган дискларни ҳозир. Мен яқинда 2007 йилда янги қўшиқларни ёздим. Уларни Тожикистонда харид қилиш мумкин. Бутунлай битмаган қўшиқларим ҳам бор. Ҳали уларни ёзиб улгурганимча йўқ. Лекин яхши ниятларим бор. Шу қўшиқларимни Ўзбекистон Телерадиокомпанияси орқали ёзишни планлаштириб қўйибман. Агар мана шу режам амалга ошса, хурсанд бўлардим. Кейин мана Ўзбекистон Телерадиокомпаниясида ёзган қўшиқларимни дўстларим Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги “Ширибом” ширкати орқалии чиқаришган. Мени дискларимни ана шу ширкатдан харид қилиш мумкин.
Би-би-си: Бирлашган Араб Амирликларидан мактуб йўллаган Исмоил Ваҳҳоб автомобиль ҳалокатидан кейин санъатга қайтишингизга нима сабаб бўлганини сўраган.
Абдурауф Олимов: Шундай ҳодиса бўлишини ўзим кутмагандим, лекин мана узоқ вақт даволаниб, 2007 йилда соғлигим тикланиб, ақл-ҳушим, тафаккурим жойига келди. Санъатга қайтишимга сабаб. Мен ўзим санъатда катта ютуқларга эришганман. Бизни оиламизда ота-онамиз санъатни яхши кўрганликлари учунми, мен соғлигим тикланганидан кейин қилган яхши ишларимдан биринчиси янги қўшиқ ижод қилиш бўлди. Отамга бағишланган “Падари бузургвор” деган қўшиқни айтдим. Мана ҳозир “Бағрингга яна қайтдим қадрдон саҳна” деган қўшиқни тайёрлаяпман. Яна “Гул юз” деган янги қўшиқ тайёрладим. Ҳали жуда профессионал даражада бўлмасаям, лекин хойнаҳой тайёрладим. Энди санъат – мени жони дилим-да.
Би-би-си: Тошкентлик мухлисимиз Ҳожимжон йўллаган савол: “Ўтган йилларда оламдан ўтган санъаткор дўстларингиз ҳақида қўшиқ айтган экансиз. У қандай битилди?”
Абдурауф Олимов: “Хотира” деган қўшиқ айтганман. Бу қўшиқ Муҳриддин Холиқов, Охун Мадалиев, Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган. Унга Нуриддин Ҳайдаров номини ҳам қўшдим. Улар билан узоқ йиллар оилавий борди-келди қилардик. Жуда мустаҳкам дўстлигимиз бор эди. Катта санъат саройларида хайрия концертлари ҳам ўтказганмиз бир пайтлар. Шу дўстларим хотирасига бағишлаб Қашқадарёдан Муҳаммад Носир исмли шоирнинг бир шеъри қўлимга тушиб қолди. Ўша пайтда укамизнинг шахсий студиясида ўтирган эдим. Кейин илоҳий оҳанг келдию шу қўшиқ яралди. Хуллас, бу қўшиқни дўстларим хотирасига бағишлаб айтганман.
Абдурауф Олимов: Биз қўпроқ Ўзбекистон Телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ишлардик. Шу бизга қулай эди. Мен яшайдиган жойдан Тошкентгача масофа 150 километр. Душанбега бориш биз учун сал узоқроқ бўлгани учун Тошкентда ишлаш бизга қулай эди. Ҳозир. Энди бўлса йўллар беркилган. Мана бизнинг шоир укаларимиз компьютерлар сотиб олиб, қўшиқлар ёзадиган студиялар очишган. Қўшиқларимни шунақанги шахсий студияларда ёзаяпман.
Би-би-си: Яъни охирги йилларда ишингиз бир мунча қийинлашипти-да?
Абдурауф Олимов: Қийинмас яхши. Лекин бир тарафи борки, Тошкентда жудаям малакали режиссёрлар фаолият олиб боришарди. Тошкент – катта санъат ўчоғи. Энг зўр режиссёрлар ўша ерда, энг зўр ёзиб олиш ускуналари ўша ерда. Ҳозир биз ўзимизни студияларда ёзаяпмиз. Ёмон чиқмаяпти, лекин барибир, сифатига келсак, телерадиокомпания томонидан ёзиладиган қўшиқлар сифати ҳозир ҳам баланд.
Би-би-си: Кореядан Нури исмли тингловчимиз эса ҳозирги хонандалардан қайсилари сизга манзурлигини сўраган.
Абдурауф Олимов: Мен, мисол учун, олдиндан Шерали Жўраев ижро этган қўшиқларни яхши эшитаман. Ҳозирги ёшлардан жуда кўпчилик менга маъқул. Яхшилари жудаям кўп. Ферузани Жуманиёзова, Озодбек Назарбековни кўп эшитаман. Яна Райҳон деган қизлар чиққан. Севинч Мўъминова деган ёш ашулачи қизлар чиқибди. Мана Шоҳжаҳонни эшитаяпмиз.
Би-би-си: 80-90 йиллардаги ҳофизлардан ҳозиргилари қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? – деб сўрапти Малика Атажонова
Абдурауф Олимов: Биз саҳнага чиқиб юрган пайтларда Охун Мадалиев билан бирга айтардик. Нуриддин Ҳайдаров чиқарди. Юлдуз Усмонова биз билан ҳамкорликда чиққан пайтлари ҳам бўлган. Фарқига келсак. Ҳозирги ёшлар – ёш юрак. Янгича оҳангда айтишаяпти-да энди. Ёмонмас, жудаям яхши.
Би-би-си: Абдурауф ака, ўзбек қўшиқчилиги қайси томонга ўзгарган деб ўйлайсиз?
Абдурауф Олимов: Ҳозир ўзбек миллий санъати талабга жавоб беради десам ҳам бўлади, ҳали у даражада жавоб бермайди десам ҳам бўлади. Симфоник оркестрлар билан айтилган қўшиқлар талабга жавоб беради, лекин бошқалари унчалик эмас.
Би-би-си: Таиланддан мактуб йўллаган Муроджон Матисманов Таиландда ҳам сизни мухлисларингиз борлигини ёзипти ва “Таиландда консерт беришингиз мумкинми?” – деб сўрапти.
Абдурауф Олимов: Таиландда концерт беришим мумкин. Ҳозирги пайтда мен шу нарсага тўқсон фоиз тайёрман, десам ҳам бўлади.
Абдурауф Олимов 1957 йилнинг 16 ноябрида Тожикистоннинг ҳозирги Сўғд вилояти Жаббор Расулов туманидаги Ғўлакандоз қишлоғида дунёга келган. 1980 йили Хўжанддаги (ўша пайтда Ленинобод) педагогика институтининг Бадиий графика ва рассомлик факультетини тамомлаган А. Олимов дастлаб маҳаллий мактабда, 1982-85 йиллар мобайнида Ўзбекистон Давлат филармониясига, кейин эса Хўжанд театрида фаолият юритган ва шунга параллел равишда қўшиқлар яратиш билан машғул бўлган.
Ҳофизнинг “Бу турфа гуллар…”, “Чаман ичинда бир гул…”, “Ишқингдан ўлдим”, “Бу томонга бир қараб қўй” ва шу каби бошқа ўнлаб қўшиғи мухлислар қалбидан жой олган.
Қарийб 25 йил муқаддам содир бўлган автоҳалокат Абдурауф Олимов ижодида 10 йиллик танаффусга сабаб бўлган. Бироқ хонанда кейинги йилларда яна саҳнага қайтиб, мухлислари кўнглини олишга интилаётган эди.
Бундан олти йил аввал Озодлик билан суҳбатлашган ҳофиз сўнгги пайтларда нималар билан шуғулланаётгани ҳамда ўзининг ташриф қоғозига айланмиш “Чаман ичинда бир гул…” деб бошланадиган қўшиғи тарихи хусусида сўзлаб берган эди.
Вазир А. Комилов Ўзбекистонда АЭС қурилиши “мутлақо иқтисодий лойиҳа” эканини иддао қилди
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши “мутлақо иқтисодий лойиҳа”лигини иддао қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош дипломати, ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, россиялик ва маҳаллий журналистлар учун уюштирилган матбуот анжумани чоғида билдирган.
А. Комилов қайдича, бугунги кунда АЭС қурилиши Россия билан Ўзбекистоннинг ўзаро келишувига мувофиқ равишда муҳокама қилинмоқда, бугунги кунда бир неча йўналиш бўйича лойиҳани диққат билан ўрганиш ишлари олиб бориляпти.
Бунинг бутунлай иқтисодий лойиҳа эканини айтган ташқи ишлар вазири бу ерда ҳеч қанақа сиёсий мойиллик, бировдан бошқани афзал кўриш йўқлигини иддао қилган.
“Нега бунга урғу беряпмиз? Чунки бу лойиҳа доирасида турли ОАВларда турли чайқов фикрлар берилган”, деган А. Комилов гап қайси нашрлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритган эмас.
Вазир Комилов мазкур лойиҳани амалга ошириш учун аниқ иқтисодий асосланиш лозимлиги, унинг мақсадга мувофиқлиги исботланиши кераклигига эътибор қаратган.
“Ўзбекистонда муқобил энергия манбалари тез ривожланиши манзарасида бу масала янада долзарблашган. Мамлакатимиз, масалан, қуёш энергетикаси, гидроэнергетика, шамол энергетикаси ва б.ни ривожлантириш бўйича таклифлар пакети олган. Бундан ташқари, биз Халқаро атом энергияси агентлиги меъёрларига мувофиқ равишда хавфсизлик масалаларини ҳам унутаётганимиз йўқ”, деган А. Комилов.
ТИВ раҳбари АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича ўзбекистонликларнинг ҳам, қўшни давлатларда яшовчи аҳолининг ҳам фикрлари инобатга олинишини қўшимча қилган.
Аввалроқ Озодлик қозоғистонликлардан айримлари Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчи атом электр станцияси қурилаётгани юзасидан хавотир билдираётгани хусусида хабар қилган эди.
Ўзгидромет ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати кескин пасайишидан огоҳлантирди
Ўзбекистонда 4-5 ноябрь кунлари ҳаво ҳарорати 10-13 даражага пасайиши кутиляпти.
Гидрометеорология хизмати маркази маълумотига кўра, бу Ўзбекистон ҳудудига Қозоғистон орқали Урал ҳудудлари устида шаклланган совуқ ҳаво массалари кириб келиши билан боғлиқдир.
Хизмат 4 ноябрь республика бўйлаб баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Аввалроқ ўзбекистонлик синоптиклар пайшанба ва жума кунлари республиканинг тоғли ҳудудларида ёмғир ва қор ёғиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.
Интерпол террорчиликда айбланиб, 15 йил қидирувда бўлган ўзбекистонликни қўлга олди
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий марказий бюроси расмий хабарида айтилишича, 1972 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси С.М., Жиноят кодексининг 155, 161, 242 ва 244-моддалари (терроризм, қўпорувчилик, жиноий уюшма ташкил этиш, оммавий тартибсизликлар) билан айбланиб, 2006 йилда Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган.
Интерполнинг билдиришича, С.M., 2006 йилдан бошлаб АҚШ ҳудудида яшириниб юрганлиги аниқланган. 2021 йилнинг сентябрь ойида Вашингтондаги Интерпол бюроси С.М., АҚШ ҳудудини тарк этгани тўғрисида маълумот берган.
Шундан сўнг Интерполнинг Ўзбекистон бюроси ва Бирлашган Араб Амирликлари Абу-Даби Интерполи ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида фуқаро С.M., Абу-Дабига етиб келган кунидан беш кун ўтиб қўлга олинган. Ҳозирда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Коронавирусга чалинганлар сони 186,5 мингдан ошди
Бу билан Ўзбекистонда коронавирус юққанлар жами сони 186 521 кишига етди, улардан 182 426 киши соғайди.
Коронавирусга чалинишнинг янги ҳолатлари бўйича биринчи учликда Тошкент шаҳри (98 киши), Тошкент вилояти (62 киши) ва Самарқанд вилояти ( 25 киши) бормоқда.
Ўзбекистонга 2021 йилда Россиядан қандай ҳарбий техника олиб келингани маълум қилинди
Унга кўра, Ўзбекистонга «Орлан-10Е» учувчисиз бошқариладиган кўп функцияли учоқлар, «Тайфун-К» енгил зирҳли автомашиналар, ўқотар қурол ҳам сотилган.
Шугаев ҳудди шунга ўхшаш техника Қозоғистонга ҳам етказиб берилганини таъкидлаган. Расмий Ўзбекистонга ва Қозоғистонга сотилган ҳарбий техниканинг нархлари ҳамда умумий қиймати ҳақида маълумот бермади.
2019 йилнинг майида Ўзбекистон Россия билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни кучайтираётгани тўғрисида хабар қилинган эди. 2019 йилнинг июнида эса Ўзбекистон ва Россия ўртасида қурол-аслаҳа ва эҳтиёт қисмлар таъминотига оид 12 та янги контракт кучга кирди.Ўшанда Россия Ўзбекистон Қуролли Кучларини 2025 йилгача замонавий ҳарбий техника билан таъминлаши билдирилган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам ДХХ хабарини рад этди
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Қашқадарё вилоят Деҳқонобод туманида “Жиҳодчилик”да гумонланиб қўлга олинган 12 киши орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлгани тўғрисида ДХХ тарқатган маълумотни рад этди.
Вазирликнинг расман билдиришича: “Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани “Бошчорбоғ” фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро З.Қ.,нинг хонадонида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тадбирда бир гуруҳ фуқаролар “Жиҳодчилар” оқими вакиллари сифатида қўлга олинган.
Ўрганишлар давомида ушбу фуқаролар орасида “Бошчорбоғ” фуқаролар йиғини раиси М.Т., борлиги ўз исботини топмаган. Шунингдек, гуруҳ аъзолари ичида фуқаро М.Т.,нинг укаси, 1975 йилда туғилган Ҳ.Т., бўлгани аниқланган”.
Гуруҳ таркибида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилган эди.
Октябрь ойида энг арзон палов нархи Наманган вилоятида қайд этилди. Мазкур вилоятда ошнинг бир порцияси 14 700 сўмдан сотилди. Энг қиммат нарх эса Тошкент шаҳрида бўлиб, бу ерда паловнинг бир порцияси 24 300 сўм бўлди.
Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, Тошкентдан кейинги ўринларни Бухоро (21 300 сўм), Қашқадарё (20 300 сўм) ва Самарқанд (20 000 сўм) вилоятлари эгаллади. Қолган вилоятларда 1 порция палов нархи 15 минг сўмдан 19,5 минг сўмгача қайд этилди.
Ўзбекистонда палов индекси ўтган йил бошидан бери юритиб келинади. Аввалроқ Давстатқўм палов индекси бошқа ўлкаларда бўлгани каби (мас., “Биг-Мак индекси” ёхуд “Оливье индекси” сингари) мамлакатда “шахсий инфляция” даражасини баҳолаш учун бир мезон бўлиши мумкинлигини билдирган.
Янги қурилган Сўх аэропортида дастлабки синов парвози амалга оширилди
Мазкур аэропорт қуриб битирилгани ва тез орада синов парвози ўтказилиши тўғрисида октябрь ойининг ўрталарида хабар қилинган эди.
Билдирилиишча, Humo Air авиакомпаниясига қарашли Ан-2П йўловчи ташиш самолёти Фарғона халқаро аэропортидан 12:30 да ҳавога кўтарилган ва 13:10 да Сўх аэропортига қўнган.
Сўх аэропортини қуриш учун давлат бюджетидан олти миллиард саккиз юз миллион сўм маблағ ажратилиган.
Аэропорт, 2020 йил, 8 августда президент имзолаган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор асосида қурилди.
Сўх аҳолиси йиллардан буён Қирғизистон ҳудуди орқали Фарғона вилояти марказига ўтадиган йўл азобини тортиб келаётган эди.
2020 йилнинг майида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги «Чашма» булоғи устида икки давлат фукаролари ўртасида юзлаб киши иштирок этган оммавий муштлашув содир этилганди.
Бу қонли тўқнашувдан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати Сўх тумани билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан аэропорт қуришга қарор қилганди.
Ўзбек армияси жаҳонда қудрати бўйича 51-ўринда
Global Firepower Indexнинг жаҳондаги давлатлар армияларининг 2021 йилдаги қудрати рейтингида (Military Strength Ranking) Ўзбекистон 140 давлат ичида 51-ўринни эгаллади.
Рейтингда қайд этилишича, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг қудратли армияга эга. Рейтингда Қозоғистон 61, Туркманистон 86, Қирғизистон 93, Тожикистон 99-ўринни эгаллади.
Жаҳондаги энг қудратли армияга эга давлатлар учлигидан эса АҚШ, Россия ва Хитой ўрин олди.
Global Firepower Index порталининг билдиришича, давлатлар рейтинги ҳарбийлар сони, техник жиҳозланиш, молиялаштирилиш каби 50 ка яқин омиллардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Озиқ-овқат нархлари бир йилда 14 фоизга қимматлади
Ўзбекистонда йиллик нисбатда озиқ-овқат нархлари 14 фоизга, 2021 йилнинг 10 ойи ичида эса 7,3 фоизга ўсган. Бу ҳақда Давлат Статистика қўмитаси маълум қилди.
Қўмитанинг билдиришича, бу кўрсаткич 2019-2020 йиллардагига нисбатан анча кам. Жумладан, озиқ-овқат нархлари 2019 йилда 19,5 фоизга, 2020 йилда 17 фоизга ўсган эди.
Расман билдирилишича, октябрь ойида мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 1,1 фоизга, хизматлар нархи эса 0,5 фоизга қимматлаган. Айни пайтда йиллик инфляция даражаси 10,6 фоизни ташкил қилмоқда.
Қўмита ҳисоботида таъкидланишича, ўтган йилларда ҳам нархлар ошиши борасида озиқ-овқат маҳсулотлари етакчилик қилган. Озиқ-овқат 2019 йилнинг октябрида 2,3 фоизга, 2020 йил октябрида эса 2,8 фоизга қимматлаган.
Диний идора ДХХнинг расмий хабарига раддия берди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Деҳқонободда “жиҳодчилик”да айбланиб қўлга олинган 12 киши орасида масжид имоми бўлгани тўғрисидаги ДХХ расмий хабарига раддия билдирди.
“Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди идоралар билан олиб борган мулоқотлари натижасида, ушбу хабарда гуруҳ аъзолари қаторида келтирилган масжид имом ноиби аслида бошқа касб эгаси экани маълум бўлди”,-деб билдирган муфтият матбуотни ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик борлигидан огоҳлантирди.
Гуруҳ таркибида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилган эди.
Ўзбекистон қишки Олимпия ўйинларига илк йўлланмани қўлга киритди
Ўзбекистонлик чанғичи Комилжон Тўхтаев 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган 24-қишки Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди, деб хабар қилди Ўзбекистон чанғи федерацияси.
Тўхтаев қишки Олимпиадада чанғи спортининг “слалом” ва “гигант слалом” йўналишлари бўйича иштирок этади.
Хабарда айтилишича, 2019 йилнинг 1 июлида бошланиб, 2022 йилнинг 16 январида якунланадиган саралаш мусобақалари доирасида тоғ чанғиси бўйича яна бир ўзбекистонлик аёл спортчи қишки Олимпиада учун лицензия олиши мумкин.
Халқаро Олимпия қўмитаси спортнинг бу соҳаси бўйича Ўзбекистонга 2 та квота ажратган.
Комилжон Тўхтаев 2018 йилги қишки Олимпиадада ҳам иштирок этган эди. Ўшанда фигурали учувчи Миша Ге ҳам Ўзбекистон номидан қишки Олимпиадада иштирок этган.
Қишки Олимпия ўйинлари Пекинда 2022 йилнинг 8-20 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Туризм ва сервис коллежларидан учтаси Маданий мерос техникумига айлантирилади
“Туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мазкур қарор билан Тошкент туризм ва сервис коллежи негизида Университетнинг Тошкент филиали ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, “Ипак йўли” туризм халқаро университети “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети этиб қайта номланган.
Университет Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм, маданий меросни бошқариш ва музейшунослик соҳаларида кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳамда ушбу соҳаларни илмий ва инновацион тадқиқ этиш бўйича илмий муассасага айлантирилгани қайд этилган.
Президент қарорига кўра, бундан буён ҳар йили “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига аъзо мамлакатлар фуқароларига магистратурада давлат гранти асосида таълим олиш учун 85 та ўрин ажратиб берилади.
Вазирлик: Коронавирус қурбонлари сони 1 минг 325 нафарга етди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 281 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 186 минг 244 нафарни ташкил қилган.
ССВ маълумотига кўра, шу йил 5 июлидан бери 27 минг 638 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 145 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.
Ўзбек муҳожирларининг Жанубий Кореяга кириши қисман тикланиши мумкин
Ўзбекистондан Жанубий Кореяга меҳнат мигрантларининг кириб келишини қисман тиклаш режаланмоқда. Бу ҳақда Жанубий Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати вице-президенти Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари билан учрашув чоғида билдирган.
Даставвал Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик зарарланиш ҳолатлари камайганлиги ҳамда ўлкадаги мавжуд вакцина турлари ҳақида батафсил маълумот берилган.
Ўз навбатида, кореялик мулозим ўзбекистонлик мигрантлар кириб келишини қисман тиклаш режаланаётганини айтаркан, бунда биринчи галда тўлиқ эмловдан ўтган, 4 йилу 10 ой Жанубий Кореяда бир корхонада ишлаб қайтган фуқароларни киритиш кўзда тутилганлиги маълум қилган.
Учрашувда танловлар базасида муддат қўшиб берилган фуқароларга иккинчи бор муддат қўшиб бериш бўйича ҳам музокаралар олиб борилган ҳамда мазкур масала Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан яқин кунларда кўриб чиқилиши қайд этилган.
Ўзбекистонлик муҳожирларнинг Жанубий Кореяга кириши коронавирус пандемияси туфайли тўхтаб қолган эди.
Жорий йилнинг ўтган уч чорагида Ўзбекистонга 18 мингдан зиёд автомобиль импорт қилинди
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга умумий қиймати 390,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қарийб 18 минг 150 та енгил автомобил импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 минг 331 тага камдир.
Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, мазкур автомобиллар дунёнинг 22 та хорижий давлатидан олиб кирилган. Хусусан, Хитойдан 4 минг 981 та, Жанубий Кореядан 4 минг 644 та, Россиядан 3 минг 386 та, Қозоғистондан 2 минг 789 та, Польшадан 997 та, АҚШдан 427 та, Литвадан 427 та, Таиланддан 250 та, Германиядан 93 та, Япониядан 72 та, Туркиядан эса 25 та автомобиль импорт қилинган.
Давстатқўм ўтган тўққиз ой ичида чет элдан 558 та электромобиль сотиб олингани, уларнинг умумий қиймати 10,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлганини қўшимча қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан билан солиштирилганда 476 тага кўпдир. Ўзбекистонга электромобиль импорти бўйича ҳам Хитой пешқадамлик қилаётгани айтилмоқда.
Ўзбекистонда Россиянинг яна икки университети филиали очилади
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилиш Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари С. Умурзоқов ҳамда Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М. Решетников ҳамраислигида ўтказилган.
“Кун тартиби доирасида иккала мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорлиги каби кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Йиғилишда ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Россия университетларининг 15 та филиали фаолият кўрсатаётгани қайд этилиб, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлик қилиш ҳамда Таълим форуми, Медиа-форум, Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари ва бошқа қатор қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.
Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқига қўшилди
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Марказий Осиёда мазкур иттифоққа қўшилган биринчи, жаҳонда эса 92-давлат бўлди.
Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ЮНЕСКО ташаббуси билан 1948 йилда ташкил этилган. Иттифоққа шу кунгача 91 давлат ва 120 та давлат ташкилоти аъзо бўлган эди.
Расман билдирилишча, иттифоқда иштирок этиш Ўзбекистонга Глобал экологик фонд ва Яшил иқлим жамғармаси томонидан экологик лойиҳалар учун грант маблағларини жалб қилиш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқиш имкониятини беради.
Шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш бўйича талабларни бузганларга жавобгарлик кучайтирилди
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга асосан, Ўзбекистонда шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш бўйича талабларни бузганларга жавобгарлик кучайтирилди.
Қонунга асосан, Ўзбекистонда жойлашган техник воситаларда ҳамда шахсга доир маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларни йиғишга, тизимлаштиришга ва сақлашга оид талабларга риоя этмаганларга нисбатан БҲМнинг 7 баравари (1 млн 890 минг сўм), мансабдор шахсларга эса 50 баравари (13 млн 500 минг сўм) миқдорида жарима солинади.
Қонунга асосан, Жиноят кодексига ҳам ўзгартишлар киритилган. Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга асосан, ушбу қонунбузарликлар маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда, БҲМнинг 150 бараваригача (40 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилади.
Ушбу ўзгартиришлар қонун кучга кирган кундан эътиборан 3 ой ўтгач амалга киритилади.
Деҳқонободда маҳалла фуқаролар йиғини раиси доҳил 12 киши “жиҳодчи”ликда айбланмоқда
ДХХ матбуот хизматининг маҳаллий матбуотга билдиришича, Қашқадарё вилояти бўйича ДХХ бошқармаси ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда Деҳқонобод туманида 12 кишидан иборат “Жиҳодчилар” оқимига мансуб гуруҳни қўлга олди.
“Гуруҳнинг 1969–1995 йиллар оралиғида туғилган 12 нафар аъзоси орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар бор”,-дейилади расмий билдирувда.
Гуруҳ аъзоларининг уларидан диний мазмундаги аудио-видео материаллар, нашриёти кўрсатилмаган китоблар топилган. Улар экспертизадан ўтказиш учун топширилган. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг июнида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида Сурияда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” таркибига қўшилишни режалаштираётган гуруҳ қўлга олингани ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берган.
Ўтган йили Тошкентда камида 21 киши “Тавҳид ва жиҳод катибаси”га, Тошкент вилоятида 25 киши “Жиҳодчилар” гуруҳига, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ҳам бир неча киши “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда гумонланиб қўлга олингани хабар қилинганди.
Ўзбекистон аҳолисини синов тариқасида рўйхтга олиш 1 ноябрда бошланади
Ўзбекистонда 1-25 ноябрь кунлари синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.
Давлат Статистика қўмитасининг билдиришича, синов Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ўтказилади.
Бундан ташқари 1-5 ноябрь кунлари Интернет тармоғи орқали аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш ўтказилиши режалаштирилган. Онлайн тадбирда census.stat.uz ҳаволаси орқали Ўзбекистондаги ва хориждаги барча фуқаролар ихтиёрий қатнашиши мумкин.
Қўмитанинг билдиришича, мазкур тадбир 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш жараёнига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилмоқда.
Президент 2019 йил 5 февралда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Аммо пандемия оқибатида бу қарор ижроси 2023 йилга қолдирилди.
Ўзбекистонда сўнгги марта аҳоли 1989 йилда рўйхатга олинган эди.
Коронавирусга чалинганлар сони 186 мингга яқинлашди
Ўзбекистонда 30 октябрь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 185 963 кишига етди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бир кунда яна 316 кишида коронавирус аниқланган.
Беморлардан икки киши вафот этиб, жами ўлганлар сони расман камида 1323 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатлари бўйича биринчи учликда Тошкент шаҳри (103 киши), Тошкент вилояти (68 киши) ва Фарғона вилояти (24 киши) бормоқда.
Касалликдан соғайганлар жами 181 675 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этмоқда.
Вазирлик: Пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 5 мансабдор жавобгарликка тортилди
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 5 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилганини билдирди.
Вазирлик баёнотида улар қандай лавозимдаги шахслар экани ва холатлар Ўзбекистоннинг қайси қисмида аниқлангани ҳақида айтилмаган.
Давлат меҳнат инспекциясига пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 128 та мурожаат келиб тушиб, шундан, call марказ орқали 54 та, сайт орқали 15 та, ижтимоий тармоқлар орқали 24 та ҳамда 35 та ёзма мурожаатлар келиб тушган.
Ўтказилган мониторинглар ва мурожаатларни ўрганиш натижасида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузгани учун 65 нафар мансабдор шахсга жами 198,4 млн сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланган.
Вазирликнинг маълум қилишича, пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 5 нафар мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва 1 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.
Бундан ташқари, 21 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмагани, 25 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмагани, 14 та ҳолатда терим пулларининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланиб, мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 48 та ҳолат юзасидан ёзма кўрсатмалар киритилган.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлган шахслардан Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишларини сўрамоқда.
ДХХ қидирувда бўлган «ИШИДчи»ни хориждан Ўзбекистонга олиб келганини билдирди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати халқаро террористик ташкилотларга алоқадор кўрилиб, қидирувга берилган шахсни хориждан Ўзбекистонга олиб келганини маълум қилди.
ДХХ Ўзбекистонга олиб келинган шахснинг исмини ҳам қайси давлатда қандай қўлга олинганини ҳам очиқламади.
Идора матбуот хизмати хабарига кўра, И.О. 2014 йилнинг февраль ойида мавсумий ишлаш мақсадида Россияга борган ва интернет тармоғи орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришган.
Натижада уларнинг таъсири остида рафиқаси билан бирга 2015 йилнинг март ойида Украина орқали дастлаб Туркияга, сўнгра Сурия ҳудудига ўтиб, «Ислом давлати» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган.
Ҳозирда И.О.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўтган ой Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларига алоқадор бўлган ҳамда 23 йилдан буён қидирувда бўлган шахс хорижда қўлга олиб, Ўзбекистонга олиб келгани хабар қилинган эди.
Жиззах ўйингоҳида яна муштлашув, ҳакам 11 футболчига сариқ карточка кўрсатди
Жиззахда «Сўғдиёна» ва «Насаф» футбол жамоалари ўртасилаги футбол ўйини пайти стадионда муштлашув рўй берди.
Ўзбекистон Кубогининг чорак финали доирасида Жиззахда бўлиб ўтган ўйинда «Сўғдиёна» клуби «Насаф»ни қабул қилди.
Учрашув мезбонларнинг 0:1 ҳисобидаги мағлубияти билан тугади.
Мусобоқа якунланганидан кейин футболчилар майдонни тарк этаётганида икки жамоа аъзолари ўртасида келишмовчилик юз берган.
Бунинг оқибатида, футболчилар ўртасида муштлашув юзага келган.
Бош ҳакам жами 11 футболчига сариқ карточка кўрсатди.
Ўзбекистонда футбол мусрбоқаларида муштлашув илк бор бўлаётгани йўқ.
Август ойида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги «Орол» стадионида туманнинг «Мўйноқ сити» ва «Жайхун» жамоалари ўртасидаги ўйинда келишмовчилик келиб чиққан ва бош ҳакам қароридан норози бўлган айрим томошабинлар майдонга чиқиб тартибсизлик уюштиришганди.
Икки йил аввал Ўзбекистондаги “Жиззах барс” ҳамда “Зафар” футбол клублари мухлислари ўртасидаги муштлашувда ўнлаб одам жароҳатланган эди.